МАҲАЛЛАДА ЖИНОЯТЧИЛИК ВА ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ЮЗАСИДАН СЕМИНАР МАЖЛИСИ ЎТКАЗИЛДИ

2023 йил 19 июль куни Хўжайли тумани “Бунёдкор” махалла фуқаролар йиғини биносида “Маҳалла аҳолисини жиноятчилар ҳақида хабардор қилиш, маҳаллаларда сайёр суд мажлисларини ўтказиш ҳамда ҳуқуқий тарбияни йўлга қўйишнинг самарали механизмларини яратиш” мавзусида мажлис ўтказилди.
Мажлисга Жиноят ишлари бўйича Хўжайли туман судининг раиси И.Алланиязов раислик қилиб, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Е.Қутибаев, Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари-жиноят судлов ҳайъати раиси А.Адилов, Хўжайли тумани сектор раҳбарлари, “Бунёдкор” МФЙ раиси, хоким ёрдамчилари, аёллар ва ёшлар етакчилари, ҳудуднинг профилактика инспектори ва мазкур МФЙ худудида яшовчи фуқаролар қатнашди.
Мажлис кун тартибида:
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ўғирлик жиноятини содир қилганликда айбланган А.Д.га нисбатан жиноят ишининг жиноят ишлари бўйича Хўжайли туман суди томонидан сайёр очиқ суд мажлисида кўриш.
2. “Маҳалла аҳолисини жиноятчилар ҳақида хабардор қилиш, маҳаллаларда сайёр суд мажлисларини ўтказиш ҳамда ҳуқуқий тарбияни йўлга қўйишнинг самарали механизмларини яратиш” мавзусида семинар мажлиси масаласи муҳокама қилинди.
Раислик қилувчи мажлисни кириш сўзи билан очиб, мажлисни ўтказишдан кўзланган мақсад ва вазифалар ҳақида қисқача тўхталиб, кун тартибидаги биринчи масала юзасидан очиқ суд мажлиси ўтказилишини маълум қилди.
Очиқ, сайёр суд мажлисида судланувчи, жабрланувчи ва фуқаровий даъвогарларнинг кўрсатувлари эшитилиб, хусусан, уларнинг судланувчи улардан кечирим сўраб, келтирилган моддий зарарларини қоплаб берганини, судланувчига кечирим берганларини, ўзаро ярашиб кетганларини, унга нисбатан ҳеч қандай даъволари йўқлигини, ярашувга ташқарида аралашув бўлмаганини, ярашув ҳақидаги аризаларни ўзлари хоҳиши билан ёзганларини, ярашув суд томонидан тасдиқланганидан кейин келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатларни тушунганларии айтиб, жиноят ишини тугатишни сўради.
Сўнгра, ишда иштирок этаётган туман прокурорининг катта ёрдамчиси М.Джумабаев ва химоячи адвокат А.Абдурахмановларнинг фикрлари эшитилиб, раислик қилувчи алоҳида хона (маслаҳатхона)га кириб, суд залига қайтиб кириб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбланган А.Д. га нисбатан жиноят иши Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 661-моддасига асосан томонларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилганлиги эълон қилинди. Суд мажлиси иштирокчиларига суд қарори тушунтирилиб, унинг оқибатлари, шикоят қилиш тартиби тушунтирилиб, суд мажлиси ёпиқ деб эълон қилинди.

Бундан сўнг, раислик қилувчи кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан сўзни Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ва спорт вазири Е.Қутибаевга берди.
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Е.Қутибаев ўз маърузасида Республика миқёсида маҳалла аҳолисини жиноятчилар ҳақида хабардор қилиш, маҳаллаларда сайёр суд мажлисларини ўтказиш ҳамда ҳуқуқий тарбияни йўлга қўйишнинг самарали механизмларини яратиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилганини, ишчи гуруҳнинг асосий мақсадли йўналишларидан бири – жойларда криминоген вазият ва суд амалиёти таҳлилини ўрганиш, “қизил” ҳудудга кирган туман ва маҳаллаларда содир қилинган жиноятчилик ва ҳуқуқбузурликлар аҳволи ва тенденциясини ўрганиш, якуни юзасидан таклифлар ишлаб чиқишдан иборатлиги ҳақида тўхталди.

Бундан сўнг, раислик қилувчи кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан сўзни Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари-жиноят судлов ҳайъати раиси А.Адиловга берди.
Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари-жиноят судлов ҳайъати раиси А.Адилов ўз маърузасида жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси туман (шаҳар) судлари томонидан 2022 йилнинг 1-ярми билан 2023 йилнинг
1-ярмида кўрилган жиноят ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги материаллар статистикасига тўхталиб, ўтган йилнинг
6 ойига нисбатан ошган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик таҳлили ҳақида маълумот берди.
Маърузачи ўз сўзида аҳоли орасида юз бераётган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини билдириб, бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан биргаликда барча аҳоли бирдек курашиш лозимлигини таъкидлади.
Бундан сўнг, Хўжайли тумани прокурори адлия маслаҳатчиси А.Халимов, Ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Ш.Сабиров, маҳалла оқсоқолллари ва фаоллари Д.Ержанов, Д.Реймов, Н.Сейтназарова ва И.Қалмурзаевлар, ёш тадбиркор А.Мамутовларнинг жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан таклифлари тингланди.
Шундан сўнг, мажлис иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларига тегишли жавобларини олишди.
Кун тартибидаги масала бўйича мажлиснинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ибрайим АЛЛАНИЯЗОВ
Жиноят ишлари бўйича
Хўжайли туман судининг раиси