Фирибгарлардан эҳтиёт бўлинг.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан Республика ҳудудида содир этилган жиноятлар мунтазаам равишда таҳлил қилиниб, уларнинг олдини олиш борасида муайян чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Хусусан, бугунги кунда Республикада содир этилаётган жиноятларнинг салмоқли қисмини фирибгарлик жиноятлари ташкил қилмоқда.
Обектив томондан фирибгарлик жинояти алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки мулкий ҳуқуқини қўлга киритишдан иборат бўлган иқтисодий жиноятлар тоифасига кириб, ташқи тарафдан мулкдор томонидан мулкни “ихтиёрий” равишда бериш ёки бегоналаштириш, жиноятчига ўтказиш кузатилади. Айнан алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш мулкдорда ёки мулкнинг бошқа қонуний эгасида мулкни ёҳуд мулкий ҳуқуқни жиноятчига ўтказиш фикри туғилади.
Алдаш деганда, мол-мулкни эгаси ёки мол-мулк ишониб топширилган шахснинг ўзи уни фирибгарга ихтиёрий равишда, ўз ҳохиши билан беришга эришиш мақсадида, жабрланувчини чалғитиш мақсадида фактларни бузиб кўрсатиш ёки ҳақиқатни яшириш, ёки била туриб ёлғон маълумотларни хабар қилиш тушунилади.
Фирибгарлик жиноятида алдаш усуллари ҳам турли хил бўлиши мумкин. Жумладан, алдаш оғзаки ёки ёзма бўлиши, шунингдек, ўзгалар мол-мулкини ёки қандайдир моддий бойликларни қўлга киритиш мақсадида турли хил ҳаракатларни содир этишда муайян ҳужжатларни қалбакилаштиришда ифодаланиши ҳам мукин.
Шунингдек, фирибгарлик жиноятларини содир этишда айбдор ўзини бошқа шахс сифатида (давлат ҳокимияти органи расмий вакили сифатида хизмат кийимини кийиш ёки хизмат гувоҳномасини кўрсатиш) намоён қилиш орқали ўзганинг мулкини қўлга киритиши мумкин.
Фирибгарлик шакли сифатида ишончни суиистеъмол қилиш деганда, айбдор шахс томонидан ўзганинг мулкини қонунга хилоф равишда ўз фойдасига олиш учун ўзи ва мулк эгаси ёки мулк эгалигида турган шахс ўртасидаги алоҳида, ўзаро ишончга асосланган муносабатлардан қонунга хилоф равишда мулкни ўз фойдасига олиш учун фойдаланиши тушунилади. Одатда ишончга асосланган фирибгар ва жабрланувчи муносабатлари ижара, олди-сотди шартномалари вужудга келиши мумкин. Шунингдек, фирибгар шахс ўз ниятига эришиш учун хизмат, қариндошчилик, дўстлик муносабатларидан ҳам фойдаланиши мумкин.
Жорий йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида Республика ҳудудида 218 та фирибгарлик жиноятлари содир этилиб, уларнинг аксарияти Нукус шаҳри, Қўнғирот, Хўжайли, Амударё, Беруний, Элликқалъа ва Қораўзак туманлари хиссасига тўғри келган.
Жумладан, содир этилган фирибгарлик жиноятлари асосан ўқишга киритиб қўйиш 4,6%, ишга киритиб қўйиш 13,3 %, автомашина олиб бериш 6,4%, кредит олиб бериш 12,8%, уй-жой ер олиб бериш 12,8%, чорва ҳайвонларини сотиш, сўйиш ва олиш 4,1%, тилла буюмларни сотиш ёки олиш 1,4% ва бошқа усулларда 26,1 % содир қилинган.
Шунингдек, фирибгарлик жиноятларнинг содир этилган ҳудудлар бўйича ўзига хослиги таҳлил қилинганда, автомашина олди-сотдиси билан боғлиқ фирибгарликлар Нукус шаҳри, Чимбой, Қўнғирот ва Нукус туманларида, ўқишга киритиб қўйиш Нукус шаҳри ва Чимбой туманида, ишга киритиб қўйиш Нукус шаҳри ва Тўрткўл туманида, чет эга ишга юбориш Нукус шаҳрида, уй-жой олиб бериш Нукус шаҳри ва Тўрткўл туманида, кредит олиб бериш Нукус шаҳрида,  ер олди-сотдиси билан боғлиқ фирибгарликлар эса Нукус шаҳри, Тўрткўл ва Элликқалъа туманида салмоғи юқори эканлиги маълум бўлди.
Шу ўринда айрим мисолларни келтириш мумкин.
Жумладан, фуқаро У.Маткаримов ўзини таълим вазирлиги ходими сифатида таништириб, фуқароларни ун заводга ишчи, ҳайдовчи, “Ипотека банк”га ҳайдовчи, Нукус шаҳар касалхонасига қоравул ва бошқа ловозимларга ишга қабул қилишга ёрдам беришини айтиб, фуқароларнинг ишончига кириб, фирибгарлик йўли билан уларнинг пул маблағларини ўзлаштириб келганликлари анқиланиб, жиноят иши тергови натижасига кўра жазо муқаррарлиги таъминланган.
Ёки, Х.Юсупов ўзи раҳбарлик қилиб келган “Қумбосқан толаси” фермер хўжалигига қарашли ер майдонидан фуқаро С.Назаровга аукцион орқали ер олиб беришни ваъда қилиб, унинг жами 3500 АҚШ доллар пулларини алдаб олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, жазо муқаррарлиги таъминланган.
Фирибгарликка оид жиноят ишлари юзасидан ўтган даврда
171 нафар шахс айбланиб судга юборилган бўлса, уларнинг 89 нафарига қамоққа олиш тарзидаги, 4 нафарига “уй қамоғи” тарзидаги ва
78 нафарига қамоқ билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чоралари қўлланилган.
Таҳлилларга кўра, жиноят содир этган шахсларнинг 39 нафари
18-30 ёшдаги, 74 нафари 31-40 ёшдаги, 39 нафари 41-50 ёшдаги, 9 нафари 51-60 ёшдаги ҳамда 4 нафари 61 ва ундаги юқори ёшдаги шахслардир.
Бундан ташқари, жиноят содир этган шахсларнинг 37 нафари муқаддам судланган шахслар ҳисобланиб, уларнинг 2 нафари ўта хавфли рецидивистлар ҳисобланади.
Фирибгарлик жиноятларининг 44,0 фоизи осон пул топиш,
18,8 фоизи кунлик эҳтиёжларни қондириш, 18,3 фоизи ўзга шахсга қарзини бериш ва 18,8 фоизи бошқа мақсадларда содир этилган.
Содир этилган фирибгарлик жиноятлари оқибатида 677 нафар шахслар (421 нафар эркак ва 256 нафар аёл) жабрланган.
Жабрланувчи шахс томонидан мўмай даромад олиш, арзон мол-мулкга эга бўлиш, ўқишга ёки ишга осонлик билан киришга бўлган мойилликлари сабабли фирибгарлик жиноятларининг ошиб боришига сабаб бўлмоқда.
Шу ўринда фуқаролардан фирибгарларнинг ёлғон ваъдаларига учмасдан, ўзларининг мол-мулкларини асраш, қонуний эгалик қилиш чораларини кўришларини сўраб қоламиз.

Алиев Бекзод Одилжонович
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси прокурори