Бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ҳақида
Бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021 — 2025 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида» 2020 йил 27 ноябрдаги ПФ-6119-сон Фармонига асос Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сон Қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган “Бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг” маъмурий регламентига мувофиқ рухсатнома олиш учун ариза берувчилар бино ва иншоот ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш учун Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда — ЯИДХП) давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.
Бино ва иншоот ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш учун аризалар ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъий назар, ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин.
Бунда аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари келиб тушганда навбатдаги иш куни аризаларнинг ваколатли органга келиб тушган ва қабул қилинган кун ҳисобланади.
Ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса — ариза берувчи мустақил равишда ушбу Регламентга 2-иловада келтирилган шаклга мувофиқ давлат хизматидан фойдаланиш учун сўровномани электрон тарзда тўлдиради.
Сўровномага бино ва иншоот фасадининг эскиз лойиҳаси электрон кўринишда илова қилинади.
Ариза берувчилардан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумотларни ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.
Ариза берувчилар зарур маълумотларни сўровномага киритгандан сўнг уни ўз ЭРИ билан тасдиқлайди.
Ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тегишли имзоларни идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) билан ҳам сўровнома тасдиқланиши мумкин.
Давлат хизматлари кўрсатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.
Давлат хизмати кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.
Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга.
Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда унинг сўровномаси кўрмасдан қолдирилади. Бунда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.
Ўзи келиб мурожаат этганда Давлат хизматлари марказлари сўровнома тўлдирилган вақтдан бошлаб реал вақт режимида уни ваколатли органга юборади.
ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса сўровнома автоматик тарзда ваколатли органга юборилади.
Ваколатли орган сўровнома тушган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида ушбу Регламентга 3-иловада келтирилган шаклга мувофиқ QR-код қўйилган бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартириш келишилганлиги ҳақида хулоса беради ёки рад этишнинг аниқ сабабларини ва қонунчилик ҳужжатлари нормаларини кўрсатган ҳолда келишишни рад этади.
Ваколатли орган томонидан рад этиш норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ёки шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг номи, унинг қисми, банди, кичик банди ёки хатбошисига асосланган бўлиши талаб этилади.
Бино ва иншоот ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш бино ва иншоот фасадининг эскиз лойиҳасини ваколатли органнинг ЭРИ билан тасдиқлаш орқали амалга оширилади.
Ваколатли орган аризани кўриб чиқиши давомида, заруратга кўра, кўчмас мулк объектининг кадастр ҳужжатларини текшириш талаб этилганда Кадастр агентлигининг ахборот тизими билан интеграция қилинган Қурилиш вазирлигининг «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими орқали реал вақт режимида кўчмас мулк объектига оид зарур маълумотлар ва кадастр ҳужжатларини мустақил равишда (юклаб) олиши мумкин.
Ваколатли орган жойига бориб бино ва иншоотни ўрганиб чиқиши бутун бино ва иншоотни ёки уларнинг қисмлари ва уларга бириктирилган ер участкасини, шунингдек, уларга туташ ҳудуд ва улар яқинидаги бино ва иншоотларни визуал кўрикдан (зарурат бўлганда, махсус ускуналар ва асбоблардан фойдаланган ҳолда) ўтказишдан иборат бўлади.
Ўрганиш давомида бино ва иншоот ўзбошимчалик билан қурилганини (лойиҳа-смета ҳужжатларини келишмасдан ва тегишли тартибда экспертизадан ўтказмасдан туриб қурилганини, объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатларидан четга чиққан ҳолда ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини бузган ҳолда қуриш ва реконструкция қилингани) аниқлаш мақсадида, бино ва иншоотни текширувдан ўтказиш ҳамда ариза берувчи сўровномасида, шунингдек, бино ва иншоотнинг деворлари режаси, кесими (мавжуд бўлса), фасад ва кадастр паспорти нусхасида берилган маълумотларни бино ва иншоотнинг ҳақиқий ҳолати билан таққослаш амалга оширилади.
Қуйидагилар бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишишни рад этиш учун асос бўлади:
сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши;
давлат хизматлари кўрсатиш учун йиғимни тўламаслик;
лойиҳада бино ва иншоотнинг ҳажми ва майдони ўзгарганлиги;
бино ва иншоотнинг авария ҳолатида эканлиги;
бино ва иншоотга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги;
лойиҳа тегишли лицензияси бўлган лойиҳа ташкилоти томонидан ишлаб чиқилмаганлиги;
бинолар ва иншоотларнинг мустаҳкамлиги, зилзилабардошлилигига таъсир қилувчи юк кўтарувчи қисмларининг ўзгариши назарда тутилганлиги;
бино ва иншоот фасади эскиз лойиҳасининг қонунчилик талабларига, шу жумладан, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мос келмаслиги;
ваколатли органга ариза берувчи томонидан объектни ўрганиш учун имконият яратилмаганлиги;
тақиқда турган объектлар;
бино ва иншоотларни улушдорларидан бирининг розилиги бўлмаса;
давлат рўйхатидан ўтказувчи органда ушбу ер участкаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб қўйилганлиги ҳақидаги маълумотларнинг мавжудлиги.
Давлат хизматларини кўрсатишни бошқа асосларга кўра рад этиш тақиқланади.
Ариза берувчи бино ва иншоот ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш рад этилган кундан бошлаб ўн иш куни мобайнида давлат хизмати кўрсатиш учун йиғим тўламасдан кўрсатилган камчиликни бартараф этган ҳолда бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш учун такроран мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Бино ва иншоот ташқи кўринишини ўзгартиришни келишишни рад этиш учун асос бўлган сабаблар ариза берувчи томонидан бартараф қилинган тақдирда, такроран келишиш сўровнома такроран тушган кундан бошлаб уч иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.
Бино ва иншоот фасадининг эскиз лойиҳасини такроран кўриб чиқишда ваколатли орган томонидан аввалги рад этиш асосларида баён этилмаган сабабларнинг келтирилишига йўл қўйилмайди. Олдин кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи маълумотлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши бундан мустасно.
Ваколатли орган бино ва иншоот ташқи кўринишини ўзгартиришни келишган куннинг ўзида QR-код қўйилган бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартириш келишилганлиги ҳақидаги хулосани Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ариза берувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали юборади.
Давлат хизматлари маркази хулоса олинганидан сўнг реал вақт режимида уни ариза берувчининг электрон почта манзилига юборади ва бу ҳақида ариза берувчини электрон тарзда хабардор қилади.
Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда, ариза берувчининг сўровига кўра унга хулосани электрон шаклда ёки қоғоз шаклида тақдим этади.
Хӯжайли тумани Адлия бӯлими
Давлат хизматлари маркази
ходимлари А.Бауатдинов, А.Отеулиев