Коронавирусдан зарарланган беморларга хизмат қиладиган тиббиёт ходимларига қўшимча тўловлар.

Бугунги кунда барча давлатлар дунё юзини ларзага солаётган COVID19 вируси билан курашиб келмоқда. 

Шу билан бир қаторда давлатимиз томонидан COVID-19 вируси пандемияси билан қарши курашиш билан боғлиқ бир қанча норматив ҳужжатлар қабул қилиниб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 март кунги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-4652 сон қарори қабул қилинди.

Мазкур Қарорга мувофиқ, коронавирусдан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланди:

🔹 врач ходимларга, врач-лаборантларга – 25 миллион сўм;

🔹 ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга –15 миллион сўм;

🔹 кичик тиббиёт ходимларига – 10 миллион сўм;

🔹 бошқа ходимларга – 5 миллион сўм.

Махсус тўловлар карантин амал қиладиган муддат давомида, шу жумладан, жорий йилнинг март ойи учун, ходимнинг ҳар 14 кунлик фаолият даври якунида тўлаб берилади.

А.Гулимбетов 

Хўжайли туман адлия

бўлими етакчи маслаҳатчиси