КИССАВУР ЙИГИТ

Илгари 6 марта ўғирлик жиноятини содир қилганлиги учун судланиб чиққанлигидан тегишли хулоса чиқармаган Хайитбой (исми ўзгартириб берилмоқда) навқирон 35 ёшида яна ўғирликка қўл урди. Шу ёшида ҳавфли рецивист номини олиб улгурган Хайитбой тўғри йўлни танлаб, халол ризқ билан кун кечиришни ўзига эп кўрмади.

Асли Нукус шаридан бўлган Хайитбой 2022 йил 7 январь куни соат 10:30да Нукус шаҳри, «Корзинка» савдо мажмуаси ёнидаги ерга ёйилган ҳолатда кийим-кечак сотиладиган савдо расталаридан нарса харид қилмоқчи бўлиб турган пенсия ёшидаги Нозима аянинг орқа томонидан ёнига бориб, гўёки ўзини унинг ёнидан ўтиб кетаётгандек қилиб кўрсатиб, унга сездирмасдан эгнидаги қора рангли аёллар курткасининг чўнтагидаги “SAMSUNG J-2” русумли қўл телефонини киссавурлик йўли билан қўлга киритиб, ҳодиса жойидан яширинади.

Судда жабрланувчи Нозима ая шу куни Қонликул туманидаги яшаш уйидан Нукус шаҳрига маракага келганини, ёнида невараси Ислам бўлганини, шу вақт ёнидаги невараси Исламга катта ўғли телефон қилиб, телефонда ўғли билан гаплашганида ўғли унга “телефонингиз ёнингизда эмасми?” деб сўрагани, чўнтагини қараганида йўқ бўлиб чиққани, ўғли унга тезда бозордаги милиция таянч пунктига боришни, телефоннни кимдир ўғирлаганини айтгани, бозордаги милиция таянч пунктига борганида шу ердаги ИИБ ходимлари зудлик билан телефонини ва уни ўғирлаган йигитни топиб берганини билдирди.

Суд, судланувчига жазо тури ва миқдорини белгилашда, қилган ишидан пушаймонлигини, моддий зарар қопланганини, жабрланувчининг унга даъвоси йўқлигини унинг жазосини енгиллаштирувчи ҳолат деб топиб, унинг жазосини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида илгари бирнеча бор қасддан жиноят содир қилиб, судланганидан сўнг янгидан қасддан жиноят содир қилганлиги ҳолати деб топиб, судланувчининг хулқини озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинламасдан туриб тузатиш мумкин эмас деган қатъий тўхтамга келиб озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни лозим топди.

Жиноят оқибатида жабрланувчига келтирилган зарар ўрни қопланди, аммо Хайитбой энди умрининг яна 4 йилини панжара ортида ўтказишига тўғри келади.

 

Жиноят ишлари бўйича 

Хўжайли туман судининг раиси И.Алланиязов