Юртимизда бир неча йилдирки “Халқаро қизлар куни” алоҳида нишонланиб келинмоқда. “Халқаро қизлар куни” деб 2011 йил 11 октябрда БМТнинг Бош ассамблеясида асос солинган ва бу сана ҳар йили бутун жаҳон бўйича қизларнинг камситилиши, уларнинг ижтимоий муаммоларига эътибор қаратиш мақсадида нишонланиб келинмоқда. Шу сана муносабати билан Хўжайли туманидаги 3-сонли умутаълим мактабида “Халқаро қизлар куни” муносабати билан тадбир ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳиятини алоҳида етказиш, мамлакатимиз қизларига бўлган эътиборни янада юксак поғонага кўтариш мақсадида “Қизлар миллат кўзгуси” шиори остида ўтказилган кечани мактаб директори К.Файзуллаева очиб берди.
Юртимизда ҳам миллат давомчилари бўлмиш қизларни маърифатли қилиб вояга етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани, қизларни ҳар томонлама етук, юксак ахлоқли, билимли ва миллий қадриятларга ҳамда она Ватанга содиқ фарзандлар қилиб тарбиялаш эканлиги алоҳида таъкидлади.
“Халқаро қизлар куни” муносабати билан ташкил этилган тадбирда қизларни мадҳ этувчи, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширувчи бадиий чиқишлар намойиш этилди.
Ташриф буюрган меҳмонлар Хўжайли тумани ҳокимлигининг Жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича бош мутахассиси Г.Нуримбетова ҳамда туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимининг бош мутахассиси Г.Шерназарова мамлакатдаги улкан ўзгаришлар ва янгиланишларда ёшлар манфаатлари устуворлик касб этаётганини алоҳида айтиб ўтишди. Тадбирда, ёш қизлар, аёллар масаласи, уларнинг таълим олишига шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани қувонарли ҳол эканлигини ва бу борада қизларнинг фаоллиги ҳам муҳим босқич эканлиги ҳақида сўз юритилди.
Энг муҳими, иштирокчи қизлар фаровон жамиятни қуришда юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, кенг дунёқараш ва чуқур билимларга эга ташаббускор, шижоатли, эл-юрт манфаати йўлида бор куч-ғайрати, билим ва салоҳиятини сафарбар қиладиган, масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир қизлар жуда керакли эканлигини яна бир бор теран англашди.