Ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланишга рухсатнома бериш тартиби ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017-йил 12-декабрдаги ПФ-5278-сон Фармонига асос Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Табиатдан фойдаланиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида» 2018-йил 31-мартдаги 255-сон Қарорининг 2-иловаси билан тасдиқланган «Ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланишга рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти»га мувофиқ ариза берувчилар рухсатномалар олиш учун Давлат хизматлари марказларига ўзикелиб мурожаат этади ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматларидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.

Ўзи келиб мурожаат этган тақдирда Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат этган тақдирда эса ариза берувчи мустақил равишда ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклдаги давлат хизматидан фойдаланиш учун сўровномани электрон тарзда тўлдиради.

Сўровномада Қизил китобга киритилмаган ўсимлик турларини йиғиш (тайёрлаш), табиий муҳитдан ажратиб олиш назарда тутилаётган ҳудудларнинг ер эгалари, ердан фойдаланувчиларнинг ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг розилиги мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши шарт.

Ариза берувчилардан ушбу банда кўрсатилмаган маълумотларни, шунингдек, бошқа ҳужжатларни тақдим этишни талаб этиш қатъиян тақиқланади.

Ариза берувчи зарур маълумотларни расмийлаштиргандан ва сўровномага киритгандан сўнг уни ўз ЭРИ билан тасдиқлайди.

Давлат хизмати маркази ходимлари ва ягона интерактив давлат хизматлари портали ариза берувчиларни давлат хизматларидан фойдаланиш учун ЭРИ мажбурий тартибда бўлиши шарт эканлиги тўғрисида олдиндан хабардор қилади.

Давлат хизмати марказлари ариза берувчилар ЭРИни жойнинг ўзида олишлари учун барча зарур шароитларни таъминлашга мажбурдир.

Давлат хизматлари кўрсатиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Давлат хизматлари кўрсатиш учун йиғим тўланганлигини тасдиқлаш ахборот-коммуникация тизимлари орқали амалга оширилади.

Ариза берувчиларда ЭРИ мавжуд эмаслиги ёки уни олишнинг рад этилганлиги, сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши, шунингдек, давлат хизматлари кўрсатиш учун йиғимни тўламаслик давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Давлат хизматлари кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш қатъиян тақиқланади.

Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишда уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга.

Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда унинг сўровномаси кўрилмасдан қолдирилади. Бунда, тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.

Ўзи келиб мурожаат этганда Давлат хизматлари маркази сўровнома тўлдирилган вақтдан бошлаб бир соат мобайнида уни тегишлича Биоинспекция ёки Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига юборади.

Ягона интерактив давлат хизматлари портали  орқали мурожаат қилинганда эса сўровнома автоматик тарзда тегишлича Биоинспекция ёки Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига юборилади.

Биоинспекция ёки Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси сўровнома тушганкундан бошлаб беш иш куни мобайнида Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ариза берувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали рухсатномани бериш учун тўловни амалга оширишга электрон шаклда ҳисоб варақ-фактурани юборади ёки уни юборишни рад этади.

Ўзи келиб мурожаат қилганда Давлат хизматлари маркази ҳисоб варақ-фактура тушганидан сўнг бир соат мобайнида унга ўзининг муҳрини босиб, ариза берувчига беради.

Қуйидагилар ҳисоб варақ-фактурани юборишни рад этиш учун асос бўлади:

Ўсимлик дунёси объектларини тайёрлаш шартларининг ўрганилиши, тадқиқ этилиши, текширилиши ёки бошқа илмий ва техник баҳолашлар якунлари бўйича асосланган салбий хулоса олинганлиги;

Ариза берувчининг рухсат бериш талаблари ва шартларига номувофиқлиги;

Ўсимлик дунёси объектларининг сўралаётган ҳажми ва тури тасдиқланган квоталарга  доривор, озиқ-овқатбоп ва техник ўсимликларни йиғиш (тайёрлаш), табиий муҳитдан ажратиб олишнинг қонуний белгиланган нормаларига номувофиқлиги.

Бошқа асослар бўйича ҳисоб варақ-фактурани юборишни рад этиш қатъиян манн этилади.

Ариза берувчи ҳисоб варақ-фактура тушган кундан бошлаб тўрт иш куни мобайнида ҳисоб варақ-фактурада кўрсатилган миқдорда рухсатномани бериш учун тўловни амалга оширади.

Рухсатномани бериш учун тўловлар тўланганлигини тасдиқлаш ахборот-коммуникация тизимлари орқали амалга оширилади.

Рухсатномани бериш учун тўловлар миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Рухсатномани бериш учун тўловларни белгиланган муддатларда амалга оширмаган тақдирда ариза берувчи рухсатномани олиш учун умумий тартибда қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Биоинспекция ёки Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси рухсатномани бериш учун тўловлар тушганидан сўнг бир иш куни давомида тегишлича Биоинспекция ёки Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган шакллар бўйича рухсатномани расмийлаштиради ва уни ўзининг ЭРИ билантасдиқлайди.

Биоинспекция ёки Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси рухсатнома расмийлаштирилган куни уни Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ариза берувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) Ягона интерактив давлат хизматлари порталида орқали электрон шаклда юборади.

Ўзи келиб мурожаат қилганда Давлат хизмати маркази рухсатнома тушганидан сўнг бир соат мобайнида унга ўзининг муҳрини қўйиб, ариза берувчига беради.

 

Хўжайли тумани Давлат хизматлари

маркази бўлим бошлиғи А.Ауезимбетов