Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 24 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ва бошқа дастурлар ижросини самарали ташкил этиш, ажратилган маблағлардан оқилона ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш, талон – торож қилиш ҳолатларини олдини олиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Ушбу ажратилаётган пул маблағларини манзилли ва самарали ишлатилишини таъминлаш, талон-торожликларни олдини олиш мақсадида Қўшма фармойиш билан Бош прокурор ўринбосари раҳбарлигида республика Штаби, вилоят ва туман – шаҳарларда прокурорлар раҳбарлигида алоҳида Ишчи гуруҳлар ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” ва бошқа дастурлар доирасида Қорақалпоғистон Республикасида туман ва шаҳарларнинг 34 та қишлоқ ва маҳаллаларида аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида 177 млрд. сўм маблағ ажратилмоқда.

Бугун Бош прокурор ўринбосари Акмалхўжа Мавлонов Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, Нукус шаҳар, Хўжайли, Нукус ва Тахиоташ туманларида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишиб, тегишли кўрсатмалар берди.

Тадбир давомида ушбу дастурга киритилган қишлоқ ва маҳалла фаоллари билан очиқ мулоқатлар ўтказиб, унда аҳолини қийнаб келаётган долзарб муаммолар ўртага ташланиб, мазкур муоммаларни ижобий ҳал қилиш бўйича тегишли ташкилотларга топшириқлар берилди.