Айрим ижтимоий тармоқларда “Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани бозори ачинарли аҳволда…” сарлавҳаси остида танқидий мақола чоп этилган.

Мазкур ҳолатлар Хўжайли тумани ҳокимлиги ва мутасадди идоралар томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилди ва қўйидагилар маълум бўлди.

Жумладан, фото расмларда акс этирилган “Хўжайли дехқон бозори” МЧЖга яқин ҳудудда жойлашган жисмоний шахсларга тегишли хусусий савдо дуконларига тегишли жойлар эканлиги, бозор ҳудудига кирмаслиги ойдинлашди.

Лекин, шунга қарамасдан ишчи гуруҳ томонидан шу ҳудудда жойлашган хусусий дукон эгалари билан учрашилиб, ушбу ҳудудни ободонлаштириш, дукон атрофларини текислаш ва аҳолининг ўтиши учун ҳар томонлама қулай шарт-шароитларини яратиб бериш ҳақида сухбатлар ўтказилди.

Қайд этиш жоизки, расмларнинг бирида акс этган бозор аҳволи билан боғлиқ муаммо ҳам бартараф этилиб, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Хўжайли тумани бўлими томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилиб, унда мунтазам равишда ўсимлик ва пахта ёғлари аҳоли учун арзонлаштирилган нархларда сотилиши йўлга қўйилган.

Эслатиб ўтамиз: Ушбу савдо ярмаркаси ҳар куни соат 10:00дан бошлаб фаолият кўрсатмоқда.