Кўчмас мулк объектига кадастр паспортини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг тартиби ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 31 январдаги ПФ-5930-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Кадастр соҳасида айрим давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»       2020 йил 2 сентябрдаги 535-сон Қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган «Кўчмас мулк объектига кадастр паспортини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг» маъмурий регламенти бўйича ариза берувчи кадастр паспортини олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.

Ариза берувчилар ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Давлат хизматлари марказлари ходими — ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса, сўровномани электрон шаклда мустақил тўлдиради. Учинчи шахслар манфаати учун ҳаракат қилаётганда, сўровномага белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома илова қилинади.

Сўровномага кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.

Давлат хизматлари марказлари томонидан ариза берувчидан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумотларни ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.

Зарур маълумотлар сўровномага киритилгандан сўнг ариза берувчи уни ўз ЭРИси билан тасдиқлайди.

Ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда, тегишли имзолар идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) билан ҳам тасдиқланиши мумкин.

Ариза берувчи Давлат хизматлари марказларига келиб мурожаат этганда, унинг сўровномаси Давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, ариза берувчи томонидан тасдиқлангандан сўнг барча ҳужжатлар реал вақт режимида ДК филиалига электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса сўровнома автоматик тарзда ДК филиалига юборилади. 

Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўрилмасдан қолдирилади. 

ДК филиали зарур ҳолларда ариза берувчи билан келишиб, сўровномада кўрсатилган жойга чиққан ҳолда, объектнинг параметрлари бўйича ўлчов ишларини амалга оширади, хатловдан ўтказади ҳамда талаб этилганда кўчмас мулк объектининг манзилини белгилайди ёки ўзгартиради.

Ариза берувчи ёки унинг вакили келишилган вақтда ва манзилда бўлмаган тақдирда, сўровномада кўрсатилган телефон рақами орқали алоқага чиқилиб, сабаби аниқланади ва бу ҳақда холислар (қўшнилар) иштирокида далолатнома расмийлаштирилади ва мурожаат (сўровнома) кўрилмасдан қолдирилади.

Расмийлаштирилган далолатномага асосан мурожаат (сўровнома) кўрилмасдан қолдирилганлиги ҳақида ДК филиали масъул ходимлари томонидан ЭРИ билан тасдиқланган хабарнома 1 иш куни давомида тегишли Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ариза берувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон шаклда юборилади.

Кадастр паспортини тайёрлаш объектнинг мураккаблигига қараб қуйидаги муддатларда амалга оширилади: 

а) кўчмас мулк объектларининг турар жойга оид қисми бўйича: 

кўп квартирали уйдаги квартира — 3 иш кунигача; 

якка тартибдаги турар жой — 5 иш кунигача; 

б) кўчмас мулк объектларининг нотурар жойга оид қисми бўйича: 

умумий майдони 100 кв.м. гача — 5 иш кунигача; 

умумий майдони 100 кв.м дан 1 000 кв.м. гача — 7 иш кунигача; 

умумий майдони 1 000 кв.м дан 5 000 кв.м. гача — 10 иш кунигача; 

умумий майдони 5 000 кв.м дан 15 000 кв.м. гача — 15 иш кунигача; 

умумий майдони 15 000 кв.м дан 50 000 кв.м гача — 20 иш кунигача; 

умумий майдони 50 000 кв.м дан ортиқ — 25 иш кунигача;

ажратилган ер участкалари бўйича — 3 иш кунигача.

Кадастр (йиғмажилди) паспорти йўқолганда (яроқсиз ҳолга келганда), қоғоз ёки пластик шаклда янги кадастр паспорти икки иш куни мобайнида берилади.

Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида малака шаҳодатномасига эга бўлган кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси томонидан ўтказилган техник хатлов натижасига кўра тайёрланган кадастр ишлари тақдим этилган тақдирда, ДК филиали томонидан кадастр паспорти ариза берувчига 3 иш куни мобайнида риэлторлик ташкилотлари орқали тақдим этилади. 

Кадастр йиғмажилди шакллантирилгандан сўнг ДК филиали томонидан кадастр паспорти бериш ва кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш (талаб этилганда) учун тўлов миқдори қиймати кўрсатилган хабарнома (инвойс) Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда) ёки ариза берувчига (электрон шаклда мурожаат қилган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон шаклда юборади.

Бунда қоғоз шаклидаги кадастр паспорти ЯИДХП ёки Давлат хизматлари марказлари орқали, пластик шаклдаги кадастр паспорти фақат Давлат хизматлари марказлари орқали тақдим этилади.

Кадастр паспортини бериш учун ундириладиган тўлов миқдорлари Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат кадастри соҳасида давлат хизматлари нархларини белгилашда табақалаштирилган ёндашув тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2014 йил 10 июлдаги 186-сон қарорига асосан белгиланади. 

Давлат хизматлари марказлари хабарнома келиб тушгандан сўнг реал вақт режимида бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали ариза берувчини хабардор қилади.

Ариза берувчи хабарномани олгандан сўнг бир ой мобайнида кадастр паспортини беришнинг тўлов қийматини хабарномада қайд этилган миқдорда тўлайди.

Кадастр паспорти бериш учун тўлов қиймати тўланганлиги ахборот-коммуникация тизими орқали тасдиқланади.

Белгиланган муддатда тегишли тўлов миқдори тўланмаслиги кадастр паспортини беришни рад этиш учун асос бўлади. Ушбу ҳолатларда ариза берувчи умумий тартибда давлат хизматидан фойдаланиш учун такроран мурожаат қилишга ҳақли.

Давлат хизматидан фойдаланиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, тўлов қиймати суммасининг 90 фоизи ундирилади. 

Хабарномада кўрсатилган тўлов тўлиқ тўлангандан сўнг Давлат хизматлари марказлари ходими томонидан тизимдан кадастр паспортини юклаб олиш (қоғоз ёки пластик шаклда чоп этиш) имкони пайдо бўлади ва ариза берувчига реал вақт режимида кадастр паспорти берилади.

Қуйидаги ҳолларда кадастр паспортини расмийлаштириш бепул амалга оширилади:

кўчмас мулк объекти бўйича бирламчи кадастр йиғмажилди (паспорти) мавжуд бўлиб, бегоналаштирилганда ёки объектда ўзгаришлар (реконструкция, қўшимча ва алоҳида қурилиш) мавжуд бўлмаганда;

кўчмас мулк объектининг бир қисми бегоналаштирилганда объектнинг қолган қисмига ёки реконструкциясиз тоифаси ўзгарганда;

кадастр йиғмажилди (паспорти) йўқолганда (яроқсиз ҳолга келганда ва кўчмас мулк объекти кўрсаткичлари ўзгартирилмасдан).

Ушбу ҳолларда кадастр паспорти уч иш куни мобайнида расмийлаштирилади.

Қуйидагилар кадастр паспорти беришни рад этиш учун асос бўлади:

сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши;

кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги;

ариза берувчи ёки унинг вакили келишилган манзилда бўлмаган тақдирда;

ваколатли орган томонидан кадастр паспортини расмийлаштириш бўйича кўчмас мулк объектига тақиқ ёки хатлов қўйилганлиги.

Кадастр паспортини расмийлаштиришни ушбу бандда кўрсатилмаган асослар бўйича рад этиш қатъиян тақиқланади.

Хўжайли тумани Давлат хизматлари 

маркази бош мутахассиси А.Бауатдинов