Хўжайлида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари бошланди

 

Аввалроқ Президент топшириғига асосан Хўжайли туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда инвестицион салоҳиятини ошириш масалаларига Давлат солиқ қўмитаси раиси масъул этиб бириктирилиб, Хўжайлида ДСҚ раисининг махсус штаби ташкил этилгани ҳақида ҳабар берган эдик. (https://soliq.uz/press-services/news/show/hozhaylida-dsq-raisining-mahsus-shtabi-tashkil-etildi)

Мазкур штаб томонидан бевосита жойларга чиққан ҳолда аҳоли муаммолари ўрганилиб, уларни тезкор ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

ДСҚ раисининг махсус штаби томонидан олиб борилаётган ишлар натижасида кўчалар ва маҳаллалар ҳудудлари ободлик касб этяпти. Мавжуд ижтимоий объектлар реконструкция қилиниб, янгилари барпо этилиши натижасида коммунал таъминот сифати яхшиланмоқда.

Хусусан оғир ҳудуд деб белгиланган “Қумжиққин” овул фуқаролар йиғинининг “Нуримбет” қишлоғидаги яроқсиз ҳолга келиб қолган электр трансформатори янгисига алмаштирилиб, қишлоқда узлуксиз электр таъминоти кафолатланди.

“Кун нури” овул фуқаролар йиғинидаги янги қурилган аҳоли турар жойлари учун ҳам янги трансформатор ва электр сим ёғочлари ўрнатилиб, барча хонадонлар электр таъминотига уланди.

“Кулап” овул фуқаролар йиғини ҳудудида ўрта босимли газ қувуридаги носозликлар бартараф этилиб, қайта таъмирланиши натижасида ушбу ҳудуддаги қишлоқлар аҳолиси ҳонадонларида яна зангори олов ёна бошлади.

Шунингдек, Хўжайли тумани марказида ҳам кенг кўламли ободонлаштириш ишлари бошланиб кетди. Марказий кўчалар йиллар давомида йиғилиб қолган чиқиндилардан тозаланиб, ички йўлларда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Юқоридагилар ДСҚ раисининг махсус штаби томонидан амалга оширилаётган ишларнинг бошланиши холос. Тўхтаб қолган субъектлар фаолиятини қайта тиклашга кўмаклашиш, аҳолини иш билан таъминлаш, айниқса, ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш каби лойиҳаларни амалга ошириш ҳам асосий вазифалардан.

Махсус штаб томонидан туманни иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш ва ижтимоий объектлар қуриш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

 

ДСҚ Матбуот хизмати