Юртбошимизнинг 2020 йил 24 июльдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 6034-сон Фармонининг эълон қилиниши одил судлов тизимини ислоҳ қилиш соҳасида яна бир муҳим қадам бўлди.

Мазкур Фармон фуқароларнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлашда, одил судловга эришишда, шунингдек қонуний суд қарорларини қабул қилишда катта аҳамиятга эгадир.

Бугунги кунда фаолият юритаётган вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар 2021 йилнинг 1 январидан бирлаштирилиб, судьяларнинг ихтисослашуви сақлаб қолинган ҳолда суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларидан иборат бўлган ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилади.

Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати шундан иборатки, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилиши белгиланмоқда. Маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган маъмурий судларни ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши ва туманлараро маъмурий судлар ташкил этилиши назарда тутилган.

Прокуратура органлари томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни мазкур ишлар бўйича фақатгина тарафларнинг шикояти бўлгандагина суддан чақириб олиб ўрганиш тартиби белгиланиб, шу орқали прокурорнинг ўз ташаббусига кўра суд ишларини ўрганиш амалиётига барҳам берилади.

Шунингдек, Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибида инвестиция ва рақобат билан боғлиқ ишларни кўриш ваколати берилган суд ҳайъати ва алоҳида бошқарма, вилоят даражасидаги судларда матбуот хизмати ташкил этилиши, судьяларнинг мақоми, уларнинг моддий-техник базасини такомиллаштириш, судлар фаолиятига ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳамда суд аппарати ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ бирқанча янгиликлар назарда тутилган.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур Фармон суд ишларини юритишнинг процессуал механизми такомиллашишига, фуқароларнинг судларга ишончи ошишига, судьяларнинг чинакам мустақиллиги таъминланишига, шунингдек Президентимиз таъкидлаганларидек, “Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетишига” хизмат қилади.

 

Жиноят ишлари бўйича

Хўжайли тумани судининг раиси:                                    И.Алланиязов